Истиқлолнинг 35 йиллигига 35 та факт – 35. I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг ўтказилиши
2026 йилда диний-маърифий соҳадаги муҳим халқаро воқеалардан бири I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг ташкил этилиши бўлди. Форум 2026 йил 7 июль куни Тошкентдаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли» мавзусида ўз ишини бошлади. Тадбир Президент ташаббуси билан Ислом олами таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ICESCO ҳамда қатор миллий ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Форумда 50 дан ортиқ мамлакатдан 300 нафарга яқин хорижий меҳмон, жумладан давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, олимлар, уламолар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Анжуман 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида давом этиб, ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганиш, тинчлик ва бағрикенглик ғояларини тарғиб қилиш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини қамраб олди. Мазкур форум Ўзбекистоннинг бой илмий-маърифий меросини халқаро миқёсда намойиш этиш ва мамлакатни ислом цивилизациясини ўрганиш бўйича муҳим мулоқот майдонларидан бирига айлантириш йўлидаги янги қадам бўлди.