Эътиқод овчилари
Конституциямизда диний эътиқод виждон эркинлиги билан боғлиқ дейилади. Унда ҳар бир фуқаронинг диний эркинлиги кафолатланиши, унинг танлови давлат томонидан муҳофаза қилиниши таъкидланади.
Афсуски, одамларнинг бу эркинлигини айрим гуруҳлар ўз мақсадлари сари йўналтиришга уринмоқда. Бу фитналар кун сайин авж олиб, ёшларни қармоққа туширишга интилаётган эътиқод овчилари интернет ва ижтимоий тармоқларда кўпаймоқда.
Шундай гуруҳлардан бири миссионерлар бўлиб, улар ижтимоий тармоқлар орқали ўзларининг қабиҳ ниятларини амалга оширяпти. Ўларнинг асл мақсади одамларни ақидадан адаштириш ва халқ орасида адоват чиқаришдир. Бу қармоққа тушаётганлар муқаддас динимиздан воз кечиб, ботил йўлда турли нохушликларга учрамоқда.
Яқин тарихга назар солсак, динни қурол сифатида қўллаётган миссионерларнинг тинч элларни пароканда қилгани, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий тараққиётни издан чиқарганига гувоҳ бўламиз. Оқибатда асрлар оша шаклланган миллий ва диний қадриятлар оёқости қилинган, жамият издан чиққан.
Ачинарлиси, уларнинг тузоғига илинганлар бу дунёда ҳам, охиратдан ҳам хор бўлишини билмайдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда: «Баъзи юзлар оқарадиган ва баъзи юзлар қораядиган кунни (қиёматни) эсланг: юзи қорайганларга (ҳужжат исботи учун шундай дейилур): “Иймон келтиргандан кейин яна куфрга қайтган эдингизми? Куфрингиз туфайли мана шу азобларни тотиб кўринг, энди!”» дея огоҳлантириш келади (Оли Имрон сураси, 106-оят).
Миссионерларнинг тарғибот усуллари турлича. Яъни динларни, Қуръон оятларини бир-бирига қарама-қарши қўйиб, ҳадисларини нотўғри талқин қилади. Ғоялари сингдирилган жимжимадор рисола, журнал ва матнларни маҳаллий тилларга таржима қилиб, текинга тарқатади. Ёки интернет орқали кишиларни жалб қилувчи видеолавҳалар тайёрлаб, одамларни чорлайди. Турли дабдабали тадбирлар, маросимлар ўтказиб, қимматбаҳо совға-саломлар билан кишиларни ўзига оғдиради.
Ачинарлиси, айрим юртдошларимиз иш топиш илинжида чет элларга бориб, уларнинг тузоғига тушмоқда. Юртга қайтгандан сўнг яқинларини ҳам ушбу фитналар ботқоғига ботирмоқда.
Шундай экан, қаерда бўлмалик, бундай эътиқодимизга, хотиржамлигимизга таҳдид соладиган фитналардан эҳтиёт бўлишимиз, уларга қарши туриш ҳар биримизнинг ҳам диний, ҳам фуқаролик бурчимиз ҳисобланади. Айниқса, фарзандларимизни интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланганда бундай ёт ғоялардан огоҳ этиш, улар нималарни кузатмоқда, кимлар билан мулоқот қиляпти, буларни назоратга олиш ниҳоятда муҳимдир.
Отабек МАШАЛОВ,
Беруний тумани “Султон Увайс бобо” жоме масжиди имом ноиби
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан