Мазҳаб инкорчиларига раддиялар
Исломнинг илк даврида мусулмонлар ўзлари билмаган масалаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб ўрганишган. Саҳобаи киромлар даврида олим саҳобалардан ёш саҳобалар таълим олишди. Шу зайлда шаръий илмларда маълум даражага етмаган кишилар муайян уламоларнинг йўлларини тутишлари анъанага айланиб, фиқҳий мазҳаблар шаклланди. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бундай деган: “Бас, агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Аммо вақт ўтиши билан улар орасидан тўрт йирик мазҳаб: ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик ва ҳанбалийлик ажралиб чиқди ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар оммаси томонидан “фиқҳий мазҳаблар” деб эътироф этилди.
Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилган. Далил сифатида қуйида машҳур олимларнинг сўзларини келтирамиз.
Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганларга раддия” номли китобида бундай ёзади: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун Ўз ҳикмати билан одамлар орасидан тўрт забардаст имомни чиқарди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмлари ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф этишган. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди”.
Имом Бадриддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида бундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.
Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий “Иқдул фарид фи аҳкомит тақлид” асарида бундай деган: «Тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса катта муаммо ва ихтилофлар бор… Бир мазҳабда юришда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади».
Аллома Абдулҳай Лакнавий “Мажмуатул фатаво” китобида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирган: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеъийларнинг ҳам, ҳанбалийларнинг ҳам, моликийларнинг ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.
Юқоридаги етук уламоларнинг бу мавзудаги фатво ва хулосаларини кўплаб келтириш мумкин. Бундан бизнинг юртимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай амал қилиб келмоқдалар.
Минг афсуски, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ўзлари илмий кўникма ҳосил қилмаган бўлсалар-да: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқаришмоқда.
Машҳур уламоларимиздан Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ “Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир” номли китобида ҳозирги мазҳабсизларнинг воқелигини изоҳлаб бундай деган: “Шубҳасиз, улар (мазҳабсизлар)нинг ҳаммалари бевосита Қуръон ва суннатдан ҳукм олишни даъво қиладилар. Улар ўзини худди санад, далиллар ва ровийларнинг билимдони ва тадқиқотчисидек тутса-да, аслида биз ана шу одамларнинг орасида бутунлай саводсизларининг кўп гувоҳи бўлдик”.
Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига эргашишлари лозим ва лобуддир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
http://hidoyatuz.taplink.ws