СОЛИҲ ТУШ
Ойша розияллоҳу анҳодан нақл қилинади. Набий алайҳиссалом уйқуга ётмоқчи бўлсалар: «Аллоҳумма инний аса’лука ру’йаа солиҳатан ғойро фаасидатин, содиқатан ғойро каазибатин, наафи’атан ғойро зоорратин» (Ё Аллоҳ, мен Сендан фосид эмас, соғлом, ёлғон эмас, рост, зарарли эмас, манфаатли тушни сўрайман), дер эдилар.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Уйқудан олдин ушбу дуони лозим тутинг. Мужийб ва Қорийб Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати ила унда ажиб ҳоллар борлиги тажрибадан ўтган”, деган.
МУСИБАТЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ҚОИДАЛАРИ
1-қоида. Сен ёлғиз эмассан (яъни Аллоҳ сен билан ва синову мусибатлар фақат сенинг бошингда эмас).
2-қоида. Аллоҳ нимаики тақдир қилса, ҳикмати билан берган бўлади.
3-қоида. Фойдани жалб этувчи ҳам, зарарни даф қилувчи ҳам Аллоҳ таолодир. Ундан ўзгага асло боғланма.
4-қоида. Нима сени четлаб ўтган бўлса, демак, унинг сенга тақдирда тегиши йўқ бўлган. Сенга етган нарсанинг эса тақдири азалда сени четлаб ўтиши йўқ бўлган.
5-қоида. Дунёнинг моҳиятини англасанггина, хотиржамлик топасан.
6-қоида. Аллоҳ таолонинг сенга ихтиёр этгани ўзингга танлаб, ихтиёр қилганингдан хайрли бўлади.
7-қоида. Синовлар шиддатлашгани сайин енгилликнинг келиши яқинлашади.
8-қоида. Кушойиш (ёрдам) қай йўсинда келишини ўйлама. Чунки Аллоҳ таоло бирон ишнинг бўлишини ирода қилса, унинг сабабларини ҳам сен ўйламаган шаклда пайдо қилади.
9-қоида. Енгилликнинг барча калитлари Унинг измида бўлган Зотга ёлвориб дуо қилиш.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 4-сонидан