Болгария муфтият идораси ҳалол маҳсулотлар бозорига чиқмоқда
Болгария муфтият идораси Индонезия билан ҳамкорликда ҳалол маҳсулотлар соҳасида халқаро бозорга чиқишни режалаштирмоқда.
Бугунги кунда ҳалол саноати жаҳон миқёсида жадал ривожланиб бормоқда. Бу, аввало, дунё бўйлаб икки миллиарддан ортиқ мусулмон истеъмолчиларнинг ҳалол талабларига жавоб берадиган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётгани билан боғлиқ. Шу боис ҳатто мусулмонлар кўпчиликни ташкил этмайдиган давлатлар ҳам ушбу бозорда ўз ўрнига эга бўлиш ва маҳсулотларини ислом мамлакатларига экспорт қилишга интилмоқда.
Шу жараёнда айрим давлатлардаги диний муассасаларнинг вазифаси ҳам кенгайиб, улар ишлаб чиқарувчилар, давлат идоралари ва халқаро ҳалол сертификатлаш ташкилотлари ўртасида кўприк вазифасини бажара бошлади.
Шу муносабат билан Болгария Республикаси Бош муфтийси Аҳмад Ҳасанов Индонезия ташқи ишлар вазири ўринбосари Анис Мата билан учрашув ўтказди. Учрашув якунида Болгария муфтият идораси Индонезиянинг Ҳалол сертификатлаш агентлиги (BPJPH) билан ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Меморандум Болгария томонидан Аҳмад Ҳасанов, Индонезия томонидан эса агентлик раҳбари Аҳмад Ҳайкал Ҳасан иштирокида имзоланди. Тадбирда агентлик бош котиби Жалол Файиқ ва Болгариянинг Индонезиядаги элчиси Тани Димитрова ҳам иштирок этди.
Ҳужжатнинг асосий мақсади – ҳалол маҳсулотларни сертификатлаш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва диний муассасалар билан тадбиркорлик сектори ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришдан иборат.
Шунингдек, келишув Болгарияда ҳалол сертификатига эга бўлган озиқ –овқат, косметика ва бошқа маҳсулотларнинг Индонезия бозорига киришини осонлаштиришга қаратилган.
Аҳолиси 280 миллиондан ортиқ бўлган Индонезия Болгария компаниялари учун катта бозор имкониятларини тақдим этади. Ҳалол соҳасидаги ҳамкорлик орқали Болгария ишлаб чиқарувчилари экспорт географиясини кенгайтириш ва исломий бозорлардаги истеъмолчиларга чиқиш имкониятига эга бўлади.
Мазкур ташаббус ҳалол саноатида диний муассасаларнинг ҳам муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади. Хусусан, Болгария муфтият идораси мамлакат ишлаб чиқарувчилари билан халқаро ҳалол сертификатлаш ташкилотлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйишда воситачи сифатида иштирок этмоқда.
Таъкидланишича, ушбу меморандум Болгария муфтият идораси ташаббуси билан, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Бу келишув диний соҳани ҳалол маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сертификатлаш, савдо ва экспорт фаолияти билан уйғунлаштириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
И.Аҳмедов тайёрлади.