“Касофати ҳаммага урадиган иллат” мақоласини ўқиб…
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 12-сонида мазкур сарлавҳа остидаги мақолани ўқиб, Исломнинг нақадар гўзал дин эканини тафаккур қилдим. Мақола муаллифи ҳаммамиз билган ва эшитган бир гуноҳи кабиранинг ёмонлиги урчиётганидан мўмин-мусулмонларни огоҳлантиради. Аллоҳ таоло Исро сураси 32-оятида инсониятни нафақат зинодан, балки унга олиб борувчи барча йўллардан четланишга буюради. Ояти каримада “зинога яқинлашманг” дея таъкидланиши жирканч иллатнинг сабаб ва омиллари ҳам қатъийман этилгани англашилади. Зино инсон маънавиятига, оила муқаддаслигига ва жамият барқарорлигига жиддий зарар етказади. Унинг оқибати кўп ҳолларда оилавий парокандалик, маънавий инқироз, хотиржамликнинг йўқолиши ва руҳий изтироблар билан намоён бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсониятни қуйидаги ҳадиси шарифлари орқали зинодан тийилишга чақирганлар: “Кўзлар ҳам зино қилади, қулоқлар ҳам зино қилади, тил ҳам зино қилади… қалб орзу қилади ва истайди, кейин буни фарж тасдиқлайди ёки инкор қилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Мазкур ҳадис зинога етакловчи илк босқичлар – номаҳрамга шаҳват-ла қараш, беҳаё сўз ва ниятлар ҳам ахлоқий хавф эканини кўрсатади. Аёл-қизларимизнинг бегона эркак гап сўраб қолгудай бўлса, уларга майин сўз билан эмас, жиддий жавоб қайтариши динимизнинг талабидир. Шу сабабли Исломда номаҳрам билан ноўрин мулоқотдан, (интернет орқали бўлса ҳам), хилватда ахлоқсиз контентларни кўришдан, нияти бузуқ муносабатлардан қатъий қайтаради.
Хулоса қилиб айтганда, Ислом ахлоқий таълимоти инсониятни фақат гуноҳдан эмас, балки унга олиб борадиган барча сабаб ва воситалардан ҳам муҳофаза қилишга қаратилган. Бу эса соғлом шахс, мустаҳкам оила ва барқарор жамиятни шакллантиришга хизмат қилади.
Илҳомиддин ТОИРОВ,
Сўх тумани “Офтобрўй” масжиди имоми
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws
* * * “
Аёлларни оиладаги тарбия, фарзанд парваришидан, эмизишдан ва уйдаги бурч, вазифаларидан воз кечишга чорлаб нашр этилаётган турли адабиётлар, мақола, кўрсатув ва дастурларнинг бари ажралишларнинг тобора кўпайишига хизмат қилади. Ушбу нашрлар, дастурлар оилаларда норозиликни рағбатлантириш, фарзандлар ҳаётидан онани узоқлаштириш ва унинг меҳри, тафтини ҳис қилмайдиган авлод қилиб етиштиришга қаратилган тизимдир. Биз соғлом ҳаётимизга суқилиб кириб, уни вайрон қилишган уринаётган бузғунчиликлар қаршисидамиз” (Абдуллоҳ Рушдий).