Қаноат – шифо
Ҳаётдан ҳар доим нолиш қондаги стресс гормони – кортизолни оширади. Ҳаётни борича қабул қилишни истамай ношукрлик қилсангиз, танангиз хаста бўлаверади, дейди тиббиёт олимлари.
Тадқиқотлар шуни исботладики, ҳаётидаги доимий қўрқув умидсизлик, ҳасрат надомат ва афсусланиш каби тўйғулар мия фаолиятини кўчайтириб, буйрак ости безларининг мўътадил ишлашига салбий таъсир қилади. Буларнинг мунтазам такрорланиши сурункали касалликларни келтириб чиқаради.
Инсон соғлом бўлиши фақат тўғри овқатланиш ёки жисмоний фаолликкагина боғлиқ эмас. Касалликни даволаш учун дорилар истеъмол қилиши мумкиндир, аммо хотиржамлик ва офият бўлмаса, дори-дармонларнинг таъсири вақтинчалик.
Руҳий ҳолат ҳам танадаги гормонларга катта таъсир кўрсатади. Қалбдаги хавотир, доимий асабийлик ёки баъзи салбий одатлар аста-секинлик билан инсон танасини хаста қилиши мумкин.
Шунинг учун табиблар саломатликни асрашда нафақат танага, балки руҳий ҳолатга ҳам эътибор беришни тавсия қилади. Инсон соғлом бўлай деса, ҳамма ғам-ташвишларини Аллоҳга топшириши керак. Инсон ниятни чиройли қилиб, яхши кайфиятда, тақдиридан рози бўлиб яшаса, соғлиги ҳам жойида бўлади. Розилик эса борига қаноат қилишдан бошланади.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи ва саллам: “Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса, улардан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш шукрдир. Уни гапирмаслик эса ношукурликдир. Жамоат билан юриш раҳматдир. Ёлғизлик эса азобдир”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Нафиса ПАРДАЕВА тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws