Аллоҳ таоло ҳаммадан ҳамиша ғолибдир
«Агар Аллоҳ сизга бирор зарар (мусибат) етказса, Ундан ўзга уни бартараф этувчи йўқдир. Агар сизга бирор хайр етказса, (билингизки,) У ҳамма нарсага қодирдир. Бандалари устидан У ғолибдир. У Ҳаким (ҳикматли) ва Хабир (хабардор)дир» (Анъом сураси, 17–18-оятлар).
«Агар Аллоҳ сизга бирор зарар (мусибат) етказса, Ундан ўзга уни бартараф этувчи йўқдир. Агар сизга бирор хайр етказса, (билингизки,) У ҳамма нарсага қодирдир». Ояти каримада ҳеч бир банда ўзига бирор фойда ёки зарар етказишга қодир эмаслиги, ҳаётининг ҳар они Аллоҳ таолога муҳтожликдан иборатлиги баён қилинмоқда. Муфассирлар оятни қуйидагича тафсир қилганлар: «Эй Муҳаммад, сизга касаллик, фақирлик ёки ғам-ғусса каби бирор зиён етса, “Ундан ўзга уни бартараф этувчи йўқдир”, яъни Аллоҳ таолодан ўзга ушбу зарарни даф этувчи йўқ. Ҳеч бир банда зарарни сиздан аритолмайди. “Агар сизга бирор хайр етказса”, шунингдек, сизга сиҳат-саломатлик, бойлик, офият ёки кенг ризқ берилса, “(билингизки,) У ҳамма нарсага қодирдир”. Аллоҳ таоло яхшилик етказишга қодир Зот. У берган нарсани ман қилувчи йўқ».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: «Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларида уловларига мингашиб кетардим. “Эй бола! – дедилар Пайғамбаримиз алайҳиссалом. – Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман”, деб қуйидагиларни айтдилар: “Аллоҳнинг ҳақларини сақла – Уни қаршингда топасан. Ёруғ кунларингда Аллоҳни танигин – оғир кунларингда У Зот сени танийди. Сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Ёрдам истасанг, Аллоҳдан тила. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриб бўлган”» (Имом Термизий ривояти).
Абу Жаъфар айтади: «Аллоҳ таоло набийси Муҳаммад алайҳиссаломга: “Бирор зарар (мусибат) етказса…” – динингизда қийинчилик етдими? Ҳаётингиз оғир ва машаққатлими? Сизни амр-буйруқларига биринчи бўлиб бўйсунишингизга буюрган Аллоҳ таолонинг Ўзи ушбу қийинчиликларни бартараф этади. “Бирор хайр етказса” — тинч-хотиржам ҳаёт, кенг ризқ, кўп мол-дунёга эришсангиз, Парвардигор буларни сизга насиб қилгани учун қувонинг. Албатта, У сизга фойда ва зарар беришга ва яна Ўзи истаган барча нарсага Қодирдир».
Муфассирлар оятдаги: “зарар (мусибат) етказса” ҳамда “хайр етказса” лафзларини қуйидагича шарҳлайдилар: «Қуръон мўъжизадир. У ўзида энг кам, қисқа, маънодор, гўзал калималарни жамлаган ҳолда ҳақиқатларни ошкор қилади. Масалан, оятдаги “зарар” ва “хайр” сўзлари бир қарашда ўзаро номутаносибга ўхшайди. Лекин ундай эмас. Чунки “зарар”нинг зидди “фойда”, “ёмонлик”нинг зидди “яхшилик”.
Демак, Аллоҳ таолодан етадиган зарарни банда ёмонлик деб ўйлагани билан, аслида ундай эмас, балки тарбия ва синов, ибратдир. Оқил одам ундан панд-насиҳат олади. Оятда “яхшилик”дан олдин “зарар” ифода қилинишининг сабаби шуки, киши учун зарардан халос бўлиш яхшиликка эришишдан олдин туради. Масалан, бемордан: “Аллоҳ сизга мол-мулк беришини истайсизми?” деб сўралса, гарчи мол-мулк фойда бўлса-да, бемор биринчи галда касалликдан фориғ бўлишни хоҳлайди. Шу боис оятда зарар олдин зикр қилинди. Бу худди кишининг охират азобидан узоқ бўлишини жаннатга эришишдан афзал кўргани кабидир. Чунки у доимо жаннатни сўраш, у ҳақда ўйлашдан олдин, биринчи галда азобдан узоқ бўлишни истайди».
«Бандалари устидан У ғолибдир. У Ҳаким (ҳикматли) ва Хабир (хабардор)дир». Ғолиб, Ҳаким (ҳикматли) ва Хабир Зотдан ҳеч бир нарса олий бўлиб, Уни ожиз қолдиролмайди. Ушбу оятлар тавҳид аҳлининг зикридир. Чунки уларда бандага зарар ва қийинчилик етганда Аллоҳдан ўзга уни бартараф этувчининг йўқлиги, заррача яхшилик Ундан экани ва Раббимиз барча нарсага қодирлиги ҳақида хабар қилмоқда.
«Бандалари устидан У ғолибдир». Аллоҳ ғолиб, бандаларини бўйсундирувчи Азиз, Қодир, бандалари устида ҳукмрон. Бандалар Унинг ҳукмронлиги остидадир. Бандаларига ўхшашдан Буюк, Улуғ ва Олийдир.
«У Ҳаким (ҳикматли)». Ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўяди. «Хабир (хабардор)дир». Бандалари яширган ва ошкор қилган барча нарсадан хабардор. Бирор нарса Ундан махфий эмас. Бандаларга етган зарар ва қийинчилик Ундан. Аллоҳдан ўзга уни бартараф этувчи йўқ. Парвардигорнинг ҳукмини муҳокама қилувчи ҳам, қайтарувчи ҳам йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дер эдилар: «Ё Аллоҳ! Сен берган нарсани ман қилувчи йўқ. Сен ман этган нарсани ато қилувчи йўқ. Бойга Сенинг ҳузурингда бойлиги фойда бермас» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
«Тафсири Қуртубий», «Тафсири Мунир» асарлари асосида Чироқчи туманидаги «Саид Аҳмадхон» жоме масжиди имом-хатиби Маҳмараим ҲАЙИТОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws