Танамиздаги мустақил ҳимоя тизими
Сиз қўққисдан илонни кўрганингизда, у илонми ёки оддий арқонми – буни ҳали ақлингиз англаб улгурмасидан, танангиз ортга тисарилади, бехосдан сакраб кетасиз ёки қўлингиздаги нарсани ташлаб юборасиз. Нега шундай?
Нейробиолог Жозеф Леду[1] мияда хавф-хатарни қайта ишлашнинг иккита йўли борлигини кашф қилган. Бири – вазмин, мантиқий фикрлайдиган, олий маълумотли префронтал қобиқ (пешона пўстлоғи); иккинчиси – фақат омон қолиш учун жавобгар амигдала (бодомсимон тана).
Жозефнинг исботлашича, кўз ёки қулоқ орқали қабул қилинган хавф-хатар сигнали фикрлаш маркази (мия пўстлоғи)га ўтмасдан, тўғридан-тўғри амигдала (ҳиссиёт ва қўрқув маркази)га етиб боради. Бу жараён жуда тез – сониянинг юздан бир улушларида (тахминан 0,07 сонияда) содир бўлади. Қон оқими ва мия энергияси мантиқий фикрловчи префронтал қобиқдан тезлик билан қочиб, омон қолишга жавобгар бўлган мия тизимларига йўналади. Амигдала дарҳол миядаги ҳокимиятни тўлиқ қўлга олади ва мантиқ учун жавобгар бўлган префронтал қобиқни “ўчириб қўяди”.
Илм-фанда бу ҳолат “Амигдала томонидан гаровга олиниш” (Amygdala Hijack)[2] деб аталади. Натижада мантиқий фикрлаш, вазиятни таҳлил қилиш қобилияти кескин блокланади. Инсон ҳақиқатан ҳам ўша дақиқада ақл билан қарор қабул қила олмайдиган ҳолатга келади. Йел университети нейробиология профессори Эми Арнстеннинг тадқиқотига кўра[3], стресс ва ваҳима пайтида кимёвий моддалар (катехоламинлар) сабабли префронтал қобиқнинг ишдан чиқиши ва инсон ўз-ўзини назорат қилиш воситасидан маҳрум бўлиши тиббий жиҳатдан (фМРТ ва нейробиологик таҳлиллар билан) тўлиқ исботланган.
Шунинг учун қаттиқ қўрқув ёки ваҳимага тушган киши фикрлай олмайди. Чунки унинг мантиқий таҳлил қиладиган мияси блокланиб қолади. Бу соф анатомик жараён бўлиб, инсоннинг мутлақо аралашувисиз рўй беради. Амигдала фаоллашганда одамзод генига муҳрланган учта автоматик буйруқдан бирини танлайди: ур – тажовузкорлик ва хавфга ташланиш; қоч – хавф-хатардан қутулиш; қимирлама – ҳаракатсизлик (одамнинг нафаси ичига тушиб, оёқ-қўли ишламай қолади).
Бундай вазиятда “Ўзингни қўлга ол!”, “Тинчлан!”, “Эсингни йиғ!” каби жумлалар ишни чигаллаштиради, холос. Чунки сўзларни тинглаб, маъносини чақадиган мия пўстлоғи ўчиқ! Фаол амигдала эса уларни навбатдаги “таҳдид шовқини” деб қабул қилади ва стресс, яъни руҳий зўриқиш, диққинафаслик гормонларини – адреналин ва кортизолни янада кўпроқ ажрата бошлайди. Шунинг учун ваҳимадаги одамга фақат ҳиссий сезгилари орқали ёрдам бериш мумкин. Масалан, уни стулга ўтқазиш, оёқлари ерга тегиб турганини ҳис қилдириш, қўлига муздек ёки иссиқ сув тутиш; ёки унинг қўлини ушлаган ҳолда секин ва чуқур нафас олиш (4 сонияда ичга ютиш, 4 сония ушлаб туриш, 4 сонияда чиқариш. Шунда у сизга қараб, автоматик равишда нафасини созлайди).
Энг муҳими, бақириш ёки ақл ўргатишдан тийилиш. Унинг “жанговар ҳолат”даги миясига фақатгина хавфсизлик ҳиссини бериш кифоя. Содда қилиб айтганда, Аллоҳ таоло инсонни ўзини хавф-хатардан автоматик тарзда ҳимоя қиладиган механизм билан яратган. Бу тизим шунчалик тез ишлайдики, ҳатто инсон онги хавфни тўлиқ англаб улгурмасидан ишга тушади ва ҳимояга ўтади. Шунинг учун илонни кўрганингизда, у илонми ёки оддий арқонми – буни ҳали ақлингиз англаб улгурмасидан, танангиз ортга чекинишга ёки сакраб юборишга улгуради. Бу инсон табиатига жойланган омон қолиш механизмидир.
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 14-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws
[1]LeDoux, J. E. (1996). The Emotional Brain: The Mysterious Underpinnings of Emotional Life. Simon & Schuster.
[2]Goleman, D. (1995). Emotional Intelligence: Why It Can Matter More Than IQ. Bantam Books.
[3]Arnsten, A. F. T. (2009). Stress signalling pathways that impair prefrontal cortex structure and function. Nature Reviews Neuroscience, 10(6), 410–422.