Аллоҳ таоло юлдузларни ҳикмат билан яратган
Юлдузлар ва сайёралар ўртасидаги фарқ
Қиёмат куни ҳақидаги оятларда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, сизларга ваъда қилинаётган нарса (қиёмат ва ҳисоб-китоб) воқе бўлувчидир! Бас, қачонки юлдузлар (нурлари) сўндирилгач…” (Мурсалот сураси, 7–8-оятлар).
Яна бошқа оятларда бундай дейилади: “Қуёш ўраб қўйилганида, юлдузлар ҳам (ўз фалакларидан) тўкилганида...” (Таквир сураси, 1–2-оятлар).
Ушбу оятлар Қиёмат куни манзарасини тасвирлар экан, юлдузларнинг нури сўниши, парчаланиши ва тарқалишини баён қилади.
Замонавий илм ҳам шунга яқин хулосаларга келмоқда. Юлдузлар – улкан газсимон осмон жисмларидир. Улар ўз бағридаги улкан энергия туфайли ёниб, атрофга нур ва иссиқлик тарқатади. Вақт ўтиши билан бу энергия камаяди, юлдузлар совий бошлайди ва уларнинг нури хиралашади. Баъзан эса улар парчаланиб кетиши ҳам мумкин.
Сайёралар эса мутлақо бошқа табиатга эга. Улар қаттиқ жисмлардан ташкил топган бўлиб, ўзидан нур чиқармайди. Агар катта ҳалокат юз берса, сайёралар парчаланиб, моддаси коинот бўйлаб тарқалиб кетади.
Юлдузларнинг яратилиш ҳикмати
Аллоҳ таоло Қуръони каримда юлдузлар ҳақида бундай марҳамат қилади: “У сизлар учун қуруқлик ва денгиз қоронғиликларида йўл топишингиз учун юлдузларни яратган Зотдир. Биладиган кишилар учун оятларни батафсил баён қилдик” (Анъом сураси, 97-оят).
Яна бир оятда бундай дейилади: “(Йўлларга) белгилар ҳам (қўйди). Юлдузлар билан ҳам улар йўл топурлар” (Наҳл сураси, 16-оят).
Ушбу оятлар инсон ҳаётида юлдузларнинг қанчалик муҳим ўрин тутишини кўрсатади. Қадим замонларда денгизчилар, саёҳатчилар ва саҳрода йўл юрувчилар айнан юлдузларга қараб йўл топганлар. Чунки юлдузлар осмонда доимий тартиб ва аниқ ҳаракат билан порлаб туради.
Бу ерда яна бир нозик ҳикмат бор: Қуръони карим айнан юлдузларни зикр қилади, сайёраларни эса тилга олмайди. Замонавий илм эса шуни исботладики, юлдузлар – нур манбаи ҳисобланади. Улар ўзидан ёруғлик таратади. Сайёралар эса мустақил нурга эга эмас, балки юлдузлардан келган нурни акс эттиради. Шу боис инсонлар йўл топишда айнан юлдузлардан фойдаланишган. Чунки уларнинг нури ёрқин ва ишончли.
Юлдузлар фақат осмонни безаб турган жисмлар эмас. Улар инсонни йўлга бошловчи белгилар, тафаккурга чорловчи илоҳий ишоралардир. Ким уларга ибрат назари билан қараса, Аллоҳнинг буюк қудратини англайди.
“Қуръон мўъжизалари” китобидан Илёсхон АҲМЕДОВ таржимаси.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws