Сеулда Ислом маданияти куни ўтказилади
Жанубий Корея Ислом иттифоқи 24 октябрь куни Сеул марказий масжидида Ислом маданияти кунини ташкил этишни режалаштирган. Тадбирдан мақсад – мусулмон бўлмаган инсонларни ислом маданияти, қадриятлари ва мусулмонларнинг турмуш тарзи билан яқиндан таништириш.
IQNA электрон нашрининг «Muslims Around The World» манбасига таяниб хабар беришича, тадбир доирасида исломий китоблар, ҳижоб ва миллий либослар кўргазмалари, маърифий маърузалар ҳамда исломий маҳсулотлар ярмаркаси ўтказилади. Шунингдек, меҳмонларга ҳалол таомлар тақдим этилади.
Тадбирда мусулмонлар билан бир қаторда, ислом дини ва маданияти ҳақида кўпроқ маълумот олишни истаган барча кишилар иштирок этиши мумкин. Савдо растаси билан қатнашиш учун 30 минг Жанубий Корея вони миқдорида тўлов белгиланган.
Ташкилотчилар мусулмонларни ўзларининг мусулмон бўлмаган дўстлари ва танишларини тадбирга таклиф этишга чақирмоқда.
Сеул марказий масжиди нафақат ибодат маскани, балки диний таълим, маданий тадбирлар ва жамоатчилик билан мулоқот маркази сифатида ҳам фаолият юритади. Мазкур ташаббус Корея жамияти ва мусулмонлар ўртасида ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш, ислом маданияти ҳақидаги билимларни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
“Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ Матбуот хизмати