Аёл маърифатли бўлиши зарур
Аёл киши, одатда, рўзғор юмушлари ва фарзанд тарбияси билан банд бўлади. Айниқса, ҳомиладорлик, туғуруқ ва болани парваришлаш жараёнлари ундан катта жисмоний ва руҳий куч талаб этади. Шу боис аёлларнинг илм олиш имкониятлари маълум даражада чекланиши мумкин. Бироқ бу ҳолат аёлларнинг таълимдан четда қолишини англатмайди. Аксинча, уларнинг жамиятдаги муҳим вазифаларидан бири – илмли, маърифатли авлодни тарбиялашдир. Шу билан бирга, аёлнинг ўзи ҳам илм олиши зарур.
Аёллар таълими муайян босқичлар асосида ташкил этилиши мақсадга мувофиқ. Хусусан, шаръий илмларда мутахассис бўлишни истаган қизлар таълимни ёшликдан бошлашлари лозим. Чунки инсон ёшлик даврида илмни тез ва самарали ўзлаштиради.
Илмли қизларни узатишда уларнинг илм олишини қўллаб-қувватлайдиган оилани танлаш муҳим. Аёлнинг оилавий вазифаларни бажариши унинг фақат маиший ишлар билан чекланишини англатмайди. Унинг илм олиши учун ҳам вақт ва имконият ажратилиши лозим.
Қиз болалар таълимида аёлларга хос илмларга алоҳида эътибор қаратиш шарт! Жумладан, оила қуриш, фиқҳий аҳкомлар, ҳайз ва идда масалалари каби мавзулар чуқур ўргатилиши зарур. Айниқса, ақида илмига жиддий эътибор бериш талаб этилади. Чунки бидъат-хурофотларга берилиш аёллар орасида кўп учрайди ва кўпинча ақидавий билимларнинг етарли эмаслиги билан боғлиқ.
Бундан ташқари, аёллар учун руҳий ва ахлоқий тарбия ҳам ўта муҳим. Руҳий тарбиядан маҳрумлик инсон ахлоқининг бузилишига олиб келади. Аёл табиатида ҳиссиёт устувор бўлгани сабабли, агар у тўғри йўналтирилмаса, салбий ҳолатларга дуч келиши мумкин. Аслида эса мазкур хусусият оналик меҳри, оила мустаҳкамлиги ва фарзанд тарбияси учун муҳим фазилатдир.
Руҳий тарбиянинг илк босқичи тилни тийишдир. Инсоннинг кўплаб хатолари тил ва кўз орқали содир бўлади. Шу сабабли тилни беҳуда сўзлардан, ғийбатдан сақлаш, кўзни номақбул манзаралардан тийиш ва қалбни эзгу фикрлар билан банд қилиш ўта муҳимдир. Аёллар ахлоқий камолотида фазилатли сифатларни шакллантириш алоҳида ўрин тутади. Гўзал ахлоқ фақат мулойимлик эмас, балки шижоат, сабр, заковат, қатъият ва ҳилм каби фазилатларни ўз ичига олади. Шу боис ҳар бир муслима аёл аввало ахлоқий тарбияга эътибор қаратиши зарур.
Бу борада миллий-маънавий меросларимиздан фойдаланиш самарали ҳисобланади. Хусусан, Абдулла Авлонийнинг “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” асари аёллар ва ёшлар тарбиясида муҳим қўлланма дейиш мумкин. Ушбу асарни ўқиш жараёнида инсон ҳар бир фазилатни ўз шахсиятига татбиқ этган ҳолда таҳлил қилиши лозим. Яъни камчиликларни бошқалардан эмас, аввало ўзидан излаш тарбиянинг муҳим шарти ҳисобланади.
Шунингдек, “Саботул ожизин”, “Ибодати исломия” каби асарлар нафақат диний билим, балки ахлоқий тарбиясини ҳам мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, Имом Бухорийнинг “Ал-Адаб ал муфрад” асарига ёзилган шарҳлар ҳам оилавий муносабатлар, ота-она ҳақлари ва жамиятдаги одоб-ахлоқ қоидаларини англашда муҳим манбалардир. Қолаверса, муҳтарама оналаримиз – Пайғамбаримиз алайҳиссалом завжаларининг турмуш тарзини диққат билан ўрганишлари лозим. Жумладан, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Хадича розияллоҳу анҳонинг никоҳлари ўша даврдаги энг шарафли ва ибратли воқеалардан бири бўлган. Никоҳ маросимида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб нутқ сўзлаб, бундай дейди: “Агар моли оз бўлса, албатта, мол бу соя каби ўткинчи нарсадир, тўсувчи бир нарсадир, қайтариб олинадиган қарздир. Муҳаммаднинг ал-аминлигини яхши биласиз. У Хадича бинти Хувайлидга толиб бўлди. Маҳрига менинг молимдан 12,5 уқия тилла берди. Аллоҳга қасамки, бундан сўнг унинг иши улуғ, шаъни буюкдир”. Абу Толиб сўзини тамомлади. Ҳамма сукунатга чўмди, чунки айтилган гаплари ичида заррача ҳам шубҳа йўқ эди.
Бу гаплардан таъсирланган Хадича розияллоҳу анҳо онамизнинг амакиваччаси Варақа ибн Навфал ҳам виқор ва сокинлик билан сўзлади: “Аллоҳга ҳамд бўлсин! Биз арабларни улуғлари ва бошлиқларимиз, сизлар ҳам бунга аҳлсизлар, фазлингизни бирор уруғ инкор қилмайди. Одамлардан бирортаси сизларнинг фахрингиз ва шарафларингизни рад этмайди. Биз сизларнинг арконингиз ва шарафингизга боғланишга рағбатлимиз. Эй Қурайш жамоаси, менга гувоҳ бўлинглар, жияним Хадича бинти Хувайлид Муҳаммад ибн Абдуллоҳга никоҳланишига розиман”, деди. Шунда Абу Толиб: “Биз ҳам буни тасдиқ этдик”, деди. Шунда Варақа ибн Навфал ўрнидан туриб: “Гувоҳ бўлинглар, эй Қурайш жамоаси, Муҳаммад ибн Абдуллоҳга Хадича бинти Хувайлидни никоҳладик”, деди.
Хадича розияллоҳу анҳо жуда бой бўлишига қарамай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга юксак эҳтиром кўрсатган. Бу хонадонда аввалги турмушдан бўлган фарзандлар ҳам, шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни болалигидан тарбиялаган Умму Айман ҳам бирга яшагани оилада ўзаро ҳурмат бўлганидан юксак намунадир.
Ушбу оила тарихи инсоният учун ибрат манбаи бўлиб, ундаги ўзаро муҳаббат, ҳурмат ва садоқат барча даврлар учун аҳамиятлидир.
Ҳусайнхон ЯҲЁ АБДУЛМАЖИД
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 5-сонидан