Ливиялик қорининг Москвадаги Халқаро Қуръон мусобақасидаги муваффақияти
IQNA. – Ливиялик қори Холид Идрис Биллоҳ Москвада бўлиб ўтган Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш бўйича XXVI Халқаро мусобақада биринчи ўринни эгаллади.
Al-Watan нашрига таяниб, IQNA агентлигининг хабар беришича, мусобақа “Африка мамлакатлари мукофоти” номи остида 30 октябрь, пайшанба куни Россия пойтахти Москва шаҳрида бўлиб ўтган. Унда Африканинг 13 мамлакати вакиллари иштирок этган.
Мусобақанинг саралаш босқичида Африканинг 45 та давлатидан қорилар қатнашган бўлиб, улар орасидан 13 нафар ҳофизи Қуръон финал босқичига йўл олган. Финалга йўл олганлар сафидан Ливия, Кения, Миср, Танзания, Руанда, Жазоир, Жибути, Кот–д’Ивуар, Нигерия, Тунис, Жанубий Африка Республикаси, Маврикий ва Мали вакиллари ўрин олган.
Мусобақа Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси ва Россия муфтийлар кенгаши томонидан муфтий шайх Равил Ғайнутдин раҳбарлигида ташкил этилган. Ушбу мусобақа Африка мамлакатларига бағишланган бўлиб, унинг асосий мақсади мусулмон жамиятлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Қуръони каримни ёдлаш ва асраб – авайлаш борасидаги саъй –ҳаракатларни қўллаб – қувватлашдан иборат бўлган.
Мусобақа Москва марказий жоме масжидида халқаро ҳакамлар ҳайъати назорати остида ўтказилган. Ҳайъатга Мисрдаги қорилар устози, Шайх Аҳмад Наинаъ бошчилик қилган. Унинг таркибидан Яман, Чеченистон, Танзания, Кения ва Қирғизистондан келган беш нафар ҳакам ҳам ўрин олган.
Шунингдек, мисрлик қори ва Қуръон ҳофизи Билол Сайф Москвада ўтказилган XXVI Халқаро Қуръон мусобақасида “Томошабинлар эътирофи мукофоти” ни қўлга киритган. Бу натижа халқаро мусобақаларда мисрлик қорилар орасида янги рекорд сифатида қайд этилган.
Билол Сайфнинг бундай муваффақияти унинг “Қорилар мамлакати” (Dawlat aт–Tilawa) номли Қуръоний телевизион лойиҳанинг биринчи мавсумидаги иштироки чоғида томошабинлар эътиборини қозонганидан кейин юз берди. Ушбу ютуқ унинг халқаро Қуръони карим мусобақалари майдонидаги мавқеини янада мустаҳкамлади.
Манба: IQNA, Al-Watan. И.Аҳмедов таржимаси.