МУАММОГА САМИМИЯТ ЕЧИМ БЎЛДИ
Одатда аёллар тонгги ибодатдан сўнг рўзғор юмушларини саришта қилишга киришадилар. Улар ўзларини ҳам оила, ҳам жамият олдида масъул сезишади.
Мен ҳам эрталабдан хизмат юзасидан туман ФҲДЁ бўлими томон йўл олдим. Манзилга етиб борганимда никоҳ маросими ўтказилаётган экан. Дид билан жиҳозланган хона, шодликка тўла муҳит, юз-кўзидан бахт ёғилиб турган ёш келин-куёвларни кўриб, қувониб кетдим.
Ёшларни табриклар эканман, уларга оилавий муносабатларда ўзаро ҳурмат, сабр ва кечиримлилик муҳим эканини алоҳида таъкидладим. Зеро, оила мустаҳкам ва тинч бўлса, жамият ҳам осуда ва фаровон бўлади.
Шундан сўнг туман ҳокимияти ҳузуридаги яраштирув комиссияси томон йўл олдим. Бироқ бу ердаги муҳит мутлақо бошқача эди. Йўлакда навбат кутиб ўтирган айрим оилаларнинг кескин гаплари, бир-бирига нисбатан норозиликка тўла нигоҳлари дилимни хира қилди.
Комиссия хонасига низоли оилалар навбат билан кириб кела бошлади. Уларнинг аксарияти арзимаган сабаблар билан келишмовчиликка боришган. Айримларида ғурур устун бўлса, бошқаларида сабр етишмасди. Шу оилалардан бири эътиборимни тортди. Эр-хотин ажрашишга қатъий қарор қилган, ўртада эса беш ёшлар чамасидаги қизалоқ бор. Унинг қўрқув ва изтиробга тўла нигоҳлари ҳар қандай инсонни ўйга толдиради. Шунда уларга “Кимки – у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл – мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай” (Нисо сураси, 124) оятини эслатдим.
Келиндан ажрашганларидан кейинги ҳаёт қандай бўлишини тасаввур қилган-қилмаганини сўрадим. Куёвга эса фарзандлари тақдири ҳақида жиддий ўйлаб кўриши зарурлигини таъкидладим.
Сўнг қизалоқдан ким билан қолишини сўрадим. У йиғлаб юборди ва: “Мен онам билан ҳам, дадам билан ҳам яшашни истайман”, деб ота-онасининг қўлларини маҳкам ушлаб олди.
Ҳамманинг кўзига ёш қалқди. Шу лаҳзаларда ота-она ҳам ўз хатосини англаб етгандек бўлди. Улар боласини бағрига босиб, ярашишга қарор қилишди.
Ушбу воқеа кўпчиликка сабоқ. Баъзан катталарнинг ақли етмаган муаммога болаларнинг самимияти ечим бўлади. Аллоҳ буюк қудрат ва ҳикмат соҳибидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Сизнинг яхшиларингиз аҳли оиласига яхшилик қилувчиларингиздир” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Ўша куни бир нечта оила яраштирилди. Айрим эр-хотинларга яна ўйлаб кўриш ва тўғри қарор қабул қилишлари учун муҳлат берилди. Зора, берилган насиҳат ва ўгитлар қалбларига ўрнашиб, уларни ҳам эзгулик сари етакласа, бу энг катта ютуқ бўлади.
Оилани сақлаш – ҳар бир инсоннинг бурчи. Инсон Ҳақ таолонинг амри ҳамда Расули акрам алайҳиссаломнинг ўгитларига амал қилса, нафақат ўз бахтини, балки фарзандлари келажагини ҳам ёмонликлардан асраган бўлади.
Мавжуда ЭШҚУВВАТОВА,
Нарпай тумани бош имом–хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари