Аввалимиз, охиримиз заифликда
«Аллоҳ сизларни заиф нарсадан (манийдан) яратди, заифликдан кейин (сизларга) қувват пайдо қилди. Қувватдан кейин (сизларга) заифлик ва кексалик пайдо қилди. У хоҳлаган нарсани яратади. У (ошкор ва пинҳонни) Билгувчи ва (ҳар нарсага) Қодирдир» (Рум сураси, 54-оят).
Аллоҳ таоло сизларни манийдан яратди. Сўнг сизлар заиф, кучсиз бўлиб ўсдинглар. Дастлаб ҳақир сув (нутфа), кейин ҳомила, кейин гўдаклик ҳолати. Ҳақиқатан, инсон бу даврда заифликнинг энг юқори чўққисида бўлади. Яъни сизларнинг аслингиз заифликка асослангандир.
“Заифликдан кейин сизда қувват пайдо қилди”. Яъни У заифликдан сўнг ўсиб-улғайганингизда сизга куч-қувват берди.
“У қувватдан сўнг сизда заифлик ва қарилик (пайдо) қилди. У хоҳлаган нарсани яратди”. Яъни инсон ҳаётининг бошланиши ва охири заифликдир. Аллоҳ таоло инсонни ана шундай яратган.
“У (ошкор ва пинҳонни) Билгувчи ва (ҳамма нарсага) Қодирдир” оятида бандага ҳам хушхабар, ҳам огоҳлантириш бор. У Зот бандаларининг ҳамма ҳолат ва амалларини билувчидир. Яхшилик қилганга ажр, ёмонлик қилганга жазо беради.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
ўқитувчиси Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 16-сонидан