Исломободда II халқаро Қуръони карим мусобақаси ўтказилади
Покистон пойтахти Исломободда жорий йилнинг 24 – 26 ноябрь кунлари Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида чиройли тиловат қили бериш бўйича II халқаро мусобақа бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 31 мамлакатидан келган қорилар иштирок этади.
«Arab News» нашрига таяниб IQNA сайти хабар беришича, Покистон Дин ишлари вазирлиги мазкур халқаро мусобақада 31 давлат делегацияси қатнашишини маълум қилган. Мусобақани ўтказишдан асосий мақсад ёшлар ўртасида Қуръоний маданиятни кенг тарғиб қилиш, Қуръони каримни тиловат қилиш санъати, уни ёд олиш ҳамда тўғри қироат қоидаларини ўрганишга бўлган қизиқишни оширишдан иборат.
Иштирокчиларнинг чиқишлари Миср ва Эрондан таклиф этилган халқаро ҳакамлар томонидан баҳоланади. Покистон Дин ишлари вазирлиги маълумотига кўра, ушбу халқаро мусобақада иштирок этиш учун 69 та давлат қориларига таклифнома юборилган. Ҳозиргача шулардан 31 мамлакат вакиллари иштирокини тасдиқлаган.
Вазирлик хорижий иштирокчилар учун визалар расмийлаштирилганини, уларнинг Исломободга етиб келиши 23 ноябрь кунига режалаштирилганини ҳам маълум қилган.
Айни пайтда Покистон номидан қатнашадиган миллий вакилни саралаш жараёни давом этмоқда.
Мусобақа ташкилотчилари ғолиблар учун махсус маданий дастур ҳам тайёрлаган. Унга кўра, уч нафар ғолиб Пешовар, Лоҳур ва Карачи шаҳарларига ташриф буюради. Ушбу шаҳарларнинг ҳар бирида бир кунлик очиқ Қуръон тиловати тадбирлари ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, I халқаро мусобақа 2025 йил 24 – 29 ноябрь кунлари бўлиб ўтган ва унда 37 давлатдан қорилар иштирок этган эди.
Мазкур мусобақада қатнашиши учун шу йилнинг 22 ноябри куни “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими ходими Абдулазиз қори Супиев Исломобод шаҳрига жўнаб кетди.
Биз вакилимизга ушбу нуфузли мусобақада совринли ўринни қўлга киритишида Аллоҳдан муваффақият ва омадлар тилаб қоламиз.
И.Аҳмедов тайёрлади.