Маҳсига масҳ тортиш ҳақида маълумот берсангиз.
Маҳси таҳорат олингандан сўнг кийилган бўлса, кейинги таҳоратда унга масҳ қилиш мумкин. Масҳ маҳсининг устки қисмига тортилади. Муғийра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маҳсиларининг устига масҳ тортганларини кўрганман» (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Маҳсига масҳ тортиш муддати мусофир учун уч кеча-кундуз, муқимга эса бир кеча-кундуздир»,
деганлар (Имом Аҳмад ва Имом Муслим ривояти). Маҳсига қилинган масҳни тўрт нарса бекор қилади:
– муддатнинг тугаши;
– жунуб бўлиш;
– маҳсининг ечилиб кетиши, яъни товоннинг чиқиб кетиши;
– маҳсида оёқнинг кичик уч бармоғи кўринадиган йиртиқ ҳосил бўлиши.
Бундай ҳолатларда маҳсини ечиб, оёқни ювиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.