Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон – Буюк Британия: таълим соҳасида битим имзоланди

Чоп этилди Fevral 21, 2020 Ўзбекистон – Буюк Британия: таълим соҳасида битим имзоландиda fikr bildirishni o'chirish

Лондон шаҳрида Вестминстер университети президенти Питер Бонфилд ва Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ректори Комилжон Каримжонов ўртасида музокаралар ўтказилди.

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси тақдим этган маълумотга кўра, Питер Бонфилд мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли модернизация жараёни, давлат томонидан олий ва профессионал таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътиборни қўллаб-қувватлашини, шунинг баробарида Ўзбекистон ҳар томонлама улкан имкониятларга эгалигини таъкидлади. Айни омиллар ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратади, Вестминстер университети ва Британиянинг бошқа олий таълим муассасаларида ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш ортишига хизмат қилади.

Музокаралар сўнгида сифатли таълим стандартларини таъминлашга асосланган ҳолда кадрлар тайёрлаш жабҳасида икки олий таълим муассасаси ўртасида стратегик шерикликни ривожлантиришга йўналтирилган битим имзоланди.

Мазкур ҳужжат, хусусан, ТХВУда молиявий технологиялар, бизнес-менежмент ва маркетинг соҳасида янги бакалавр ўқув дастурлари ҳамда инсон ресурсларини бошқариш ва маълумотларни таҳлил қилиш бўйича магистрлик курслари жорий қилишни кўзда тутади. Томонлар зарур йўналишлар бўйича давлат хизматчилари, бизнес вакиллари ва жисмоний шахслар малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар ва тренинглар ташкил этиш борасида ҳам ҳамкорлик қилади.

Битим қоидаларини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида жорий йил март ойи бошида Вестминстер университетининг глобал ҳамкорлик масалалари бўйича проректори, профессор Александр Хайес, ноябрда эса Питер Бонфилднинг ўзи Ўзбекистонга ташриф буюради.

Вестминстер университети раҳбарлари билан Британия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, туризм ва инвестиция салоҳиятини намойиш этиш борасида қатор тадбирларни биргаликда ўтказиш тўғрисида ҳам келишувга эришилди.