Сўраган эдингиз…
Савол: Телефонга азон овозини ўрнатиб, ундан уйғоткич (будильник) сифатида фойдаланиш мумкинми?
Жавоб: Уламолар азоннинг аудио шаклидан намозга уйғотиш учун уйғоткич сифатида фойдаланиш жоиз деганлар. Лекин улар агар азоннинг аудио шаклидан намозга уйғотиш учун эмас, балки умумий уйқудан уйғотувчи восита сифатида фойдаланиш яхши иш эмас, балки бундан сақланилган маъқул, дея таъкидлашган. Валлоҳу аълам!
Савол: Типратикан ва илоннинг гўштини еса бўладими?
Жавоб: Мазҳабимизнинг барча мўътабар китобларида типратикан ва илоннинг гўшти ҳалол эмас, дейилган. Аллоҳ таоло Аъроф сурасида бундай деган: «…(Пайғамбар) нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади…» (157-оят).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламдан типратикан ҳақида сўралганда, у зот: “У нопок (ҳайвонлар) дан биридир”, деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти).
Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳу бобил иноя” китобида: “Типратикан ва илоннинг гўшти ҳалол эмас, чунки инсон табиати уларнинг гўштини ейишдан ҳазар қилади”, деган. Демак, мазҳабимизга биноан, бу икки ҳайвоннинг гўштини ейиш ҳаром ҳисобланади. Валлоҳу аълам!
Савол: Ит боқса бўладими?
Жавоб: Ислом шариатига кўра, зарурат бўлмаган ҳолатда ит боқиш мутлақо жоиз эмас. Абу Талҳа розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фаришталар ит ва сурат бор уйга кирмаслар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Кимки (эрмакка) ит боқса, ҳар куни савоб ишларига бериладиган ажрларидан бир қийрот ёки икки қийрот камаяди. Қўриқчи, подачи ва овчи итлар бундан мустаснодир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳадисда айтилган “қийрот” сўзининг изоҳи борасида Имом Муслим ривоятида: “Унинг кичиги Уҳуд тоғидек”, дейилган.
Ривоятларда келтирилишича, “Қиёмат аломатларидан бири кишиларнинг ит боласини боқишни одат қилишларидир. Ҳатто бу ишни улар ўз фарзандини парваришлагандан ҳам юқори даражага қўйишади” (Имом Табароний ва Имом Ҳоким ривоят қилган).
Ҳадисдан маълум бўладики, қўриқчи, подага қарайдиган ва овчи итлардан бошқасини боқиш мумкин эмас. Демак, сабабсиз ёки қизиқиш учун уйда ит сақлаш ва боқишдан шариатда қайтарилганмиз. Валлоҳу аълам!
Савол: Ҳозирда баъзи йигит-қизлар узук тақиш суннат, деб бармоқларига оддий темир узук тақишни одат қилишмоқда. Шариатимизда бу иш жоизми?
Жавоб: Аёл-қизлар темир узук тақишлари макруҳ. Уларнинг тилла ёки кумуш узук тақишлари жоиз. Фуқаҳоларимиз бу борада бундай дейишган: “Эркаклар ва аёллар учун темир, жез (оқ мис), сариқ мис ва қўрғошиндан узук тақиш макруҳдир” (“Раддул муҳтор”).
Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан қилган ривоятда бундай дейилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши темир узук тақиб келди. У зот: “Нима бўлдики, сенда дўзах аҳлининг тақинчоғини кўрмоқдаман?!” дедилар” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насоий ривояти).
Эркаклар эса фақат кумуш узук тақишлари мумкин. Валлоҳу аълам!
Савол: Почча қайинсинглисига маҳрам бўладими ёки номаҳрамми?
Жавоб: Почча қайинсингилга номаҳрам ҳисобланади. Шунинг учун қайинсингил поччаси билан ёлғиз қолиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «…Икки опа-сингилни қўшиб (никоҳлаб) олишингиз (ҳам ҳаром қилинди)» (Нисо сураси, 23-оят). Агар киши никоҳидаги хотинини талоқ қилиб, иддаси чиқса ёки аёли вафот этса, унинг синглисига ё опасига уйланиши мумкин. Ҳазрат Усмон розийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир қизларига уйланганлар. У вафот этганидан кейин иккинчи қизларига уйланадилар. Шунинг учун у зот “Зиннурайн”, яъни “Икки нур соҳиби” дейилади. Валлоҳу аълам!
Савол: Динимизда хотиннинг марҳум эридан қолган молдаги мерос ҳаққи қандай бўлади?
Жавоб: Унинг мерос олиши икки хил бўлади: тўртдан бир ва саккиздан бир.
Эрнинг хоҳ шу хотиндан, хоҳ бошқа хотиндан фарзандлари бўлмаса, хотин молнинг тўртдан бирини (1/4) олади. Бу ушбу оятга биноандир: «У (хотин)ларга сизлар қолдирган (мерос) дан – агар фарзандларингиз бўлмаса – тўртдан бир (ҳисса) тегур…»
Эрнинг фарзанди бўлса, хотин молнинг саккиздан бирини (1/8) олади. Бунинг далили бу оят: «Агар фарзандингиз бўлса, уларга сиз қолдирган (мерос)нинг саккиздан бири тегур» (Нисо сураси, 12-оят).
Агар хотинлар бирдан ортиқ бўлса ҳам юқоридаги улушларни бўлиб олишади.
Эр вафот этганда унинг никоҳида бўлмаган (талоқ олган) хотини мерос олмайди. Эслатиб ўтиш жоиз, меросни тақсимлаш маййит дафн этилганидан сўнг, маййитнинг қарзлари берилиб, васиятлари адо этилгач, амалга оширилади. Хотин мерос олгандан кейин қолган мол-мулк фарзандларга шариатимизда белгиланган тартибда бўлинади. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 19-сонидан