Номуссизлик балоси
“Қишнинг совуғида елим тўрвага ўралган чақалоқ”, “Ҳожатхонага ташлаб кетилган гўдак”, “Чала туғилган боланинг онаси ким?” – бу сарлавҳаларни ўқиган одам даҳшатга тушади. Қанчадан-қанча оилалар тирноққа зор, қайсидир кўрнамаклар эса ҳали дунёга келмаган гўдагининг жонига қасд қилиш пайида. Юраги остида улғаяётган боласи кимларгадир қувонч, шараф келтирса, айримлар учун муаммо бўлиши мумкинлигини биласизми? Ҳа, улар ана шу “муаммо”дан қутулишни истайди. Гуноҳ қилиб, кейин айбини беркитиш учун қабоҳатга қадам қўйган аёлни “она” дейиш мумкинми?!
Бугун қизларимизнинг иффати масаласи ҳар доимгидан ҳам долзарб. Айримлари ўз ихтиёри билан беномус бўлган эса, бошқалари зўравонлик қурбонига айланишган. Бу масалани атрофлича ўрганиш, сабаб ва оқибатларини таҳлил қилишни асло кечиктириб бўлмайди. Қизларимизнинг ота-она тарбиясидан, танбеҳидан йироқда экани, либосларидаги очиқ-сочиқликлар, эркакларнинг тизгинсиз ҳирсини қўзғатадиган қиёфалари кўпинча айни шу ҳолатларнинг сабабчиси бўлиб қолмоқда. Сипо кийинган, онаси билан ҳамфикр бўлган қизлар орасида бундай ҳолатлар деярли учрамайди.
Кўп қаватли уйларнинг ахлатхонасидан топилган 6 ойлик ўлик чақалоқ воқеаси туманда шов-шувга сабаб бўлди. Боладан қутулиш мақсадида сунъий равишда туғилган гўдак жасади тиббий экспертизадан ўтказилди. Яқин атрофда яшовчи қиз ва аёллар тиббий кўрикдан ўтказилганда янги қурилган намунавий уйлардан бирида яшовчи 20 ёшли қизнинг турли баҳоналар билан келмаётгани тиббиёт ходимларини сергак торттирди. Бунинг бежиз эмаслиги суриштирув жараёнида янада аниқлашди…
“Боладан қутулиш учун дори ичиб туширдим. Ота-онамдан қўрққанимдан шундай қилдим. Мен у йигитга ишонардим, совчи юбормоқчи эди. Бироқ ҳомиладорлигимни эшитиб, боладан қутуласан деб пул берди. Ота-онаси бошқа бой оилага совчиликка боряпти экан. Бошқа чорам ҳам йўқ эди”.
Коллежни тамомлаган Зилола янги сотиб олинган намунавий уйларда укаси билан ёлғиз турарди. Қариндошлари бир-бир йўқлаб келар, ота-онаси биргаликда ишлаб пул топамиз деб хорижга кетишганди. Ота-онасига совчилар келишини айтганида улар 2–3 ойда қайтадиган бўлишди. Ўша йигитга турмушга чиқишига ишониб, унга ихтиёрини топшириб қўяди. Натижада юкли бўлиб қолади.
Онаси фарзандларининг тарбияси билан шуғулланиши керак бўлган бир вақтда мол-дунё орзусида ўзга юртларда юрибди! Ана энди ўша топган пуллари қизининг шаънини тиклай олармикан? Албатта, йўқ.
Аллоҳ таоло Каломида: “Зинога яқинлашманглар! Чунки бу бузуқликдир ва энг ёмон йўлдир” (Ал-Исро сураси, 32-оят), дея биз бандаларини огоҳлантирган.
Зинокорнинг ҳар икки дунёда ҳам қаттиқ азобга учраши ҳадисларда ҳам келтирилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар киши зино қилса, иймон ундан чиқади ва унга соябон каби бўлади. Агар (зинодан) бош тортса, иймон унга қайтади” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Ҳоким ривояти).
“Қизимни оқ қанддек қилиб сизларга беряпман” дея оналаримиз келин бўлиб кетаётган боласини кўзда ёш билан кузатади. Оталар ҳамиша онамизга қизингнинг ҳар бир қадамидан огоҳ бўл дея бежизга тергашмайди. Сабаби, номуссиз қиз отанинг, ака-укаларининг қаддини эгиб қўяди. Оқ қандга тушган доғ ундан кетмайди, эриб битиради. Шундай экан, қиз фарзанд тарбиясида ҳушёр бўлиш ҳар бир ота-онанинг бурчидир.
Тошпўлат АШУРОВ,
Когон шаҳри
“Мўминалар” журналининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws