Кўп сажда қилиш жаннатга етаклайди
Рабиъа ибн Каъб Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга тунаган эдим. У зотга таҳорат сувлари ва бошқа ҳожатлари тушадиган нарсаларини келтирдим. У зот: “Сўра”, дедилар. Мен: “Жаннатда сизга рафиқ бўлишни сўрайман”, дедим. У зот: “Бундан бошқа (нарса)ни эмасми?” дедилар. Мен: “Шунинг ўзи”, дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундай бўлса, менга ўзинг учун кўп сажда ила ёрдам бер”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Рабиъа ибн Каъб Асламий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда кечаси бирга қолди. У зотнинг хизматларини ихлос билан қилиб, таҳорат суви, мисвок ёки жойнамоз каби кишининг эҳтиёжи тушадиган нарсаларни келтирди. Набий алайҳиссалом унинг бу ишларидан рози бўлиб, “Хоҳлаган нарсангни сўра”, дедилар. Ўшанда Рабиъа розияллоҳу анҳу: “Жаннатда сизга рафиқ бўлишни сўрайман”, деди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг нияти жиддийлигини билиш мақсадида: “Бундан бошқа (нарса)ни эмасми?” дедилар. У нияти ва мақсади жиддий эканини баён қилиб: “Шунинг ўзини”, деди. Унинг бу гапидан хурсанд бўлган Набий алайҳиссалом: “Ундай бўлса, менга ўзинг учун кўп сажда ила ёрдам бер”, дедилар.
“Ундай бўлса, менга ўзинг учун кўп сажда ила ёрдам бер” жумласидан муҳаддис уламолар Рабиъа розияллоҳу анҳу тимсолида Расулуллоҳ билан жаннатда бирга бўлишни истаган бошқа мўмин-мусулмонлар ҳам фарз, вожиб, суннат ва нафл намозларни ўз вақтида ихлос ва хушу билан адо этиши назарда тутилган дейишган.
Айрим муҳаддислар эса ҳадис матнидаги “…кўп сажда…”дан мурод фарз, вожиб, суннат ва нафл намозларда ёки Қуръони каримда 14 ўринда келган сажда оятларини тиловат этганда қилинадиган саждада узоқ вақт тасбеҳ айтиш, дуо қилишдир, деганлар.
Саждада қилинган дуонинг ижобатга яқинлиги ҳақида ҳадиси шариф ва уламоларимизнинг сўзлари кўп. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Банда Раббисига энг яқин бўладиган ҳолати сажда қилган вақтидир. Шундай экан, (бу пайтда) дуони кўпайтиринглар” (Имом Муслим ривояти).
Ҳанафий мазҳабимизда фарз ва вожиб намозларининг саждаларида суннат бўлган тасбеҳларга ҳеч нарса зиёда қилинмайди. Фақат “Субҳаана Роббиял аълаа” дейилади холос. Имом Шурунбулолий бундай деган: “Руку ёки саждада тасбеҳдан бошқа нарсани айтилмайди”.
Бизнинг мазҳабимизда нафл намозлар – ишроқ, зуҳо, аввобин, таҳажжуд каби намозларнинг саждаларидагина Қуръоний дуолар, шунингдек, суннатда келган ухровий дуоларни қилиш мумкин (Мароқул фалаҳ).
Аммо одамлардан сўраладиган нарсаларни нафақат фарз ва вожиб намозларининг саждаларида, балки нафл намозларда ҳам сўраш жоиз эмас. Масалан: “Аллоҳумма аъти маалан”, яъни “Аллоҳим! Менга мол-дунё бер” ёки “Аллоҳумма аъти саманан”, яъни “Аллоҳим! Менга пул бер” каби дуолар. Агар сўралса, намоз бузилади. Айримлар намоз ўқиб бўлгач, шукр саждасини адо этадилар. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда шукр саждасини қилишга доир бирор кўрсатма йўқ.
Аллоҳ таоло барчамизни жаннатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга рафиқ қилсин!
“Файзул Қадир”, “Булуғул маром” асарлари асосида Тошкент ислом институти ўқитувчиси Ҳошимхон АМАНОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws