“Аҳмад Яссавий” жоме масжиди
Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида жойлашган “Аҳмад Яссавий” жомеси нафақат ибодат маскани, балки маҳалла аҳлини бирлаштириб турган маънавият ва маърифат ўчоғи сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу ерда кундалик ибодатлар билан бирга, аҳолининг, айниқса ёшларнинг маънавий тарбиясига қаратилган тадбирлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ушбу жоме 1996 йил 24 июл куни Тошкент шаҳар адлия бўлими томонидан “Қул Хожа Аҳмад Яссавий” масжиди номи билан диний ташкилот сифатида расман рўйхатдан ўтказилган. Бироқ маҳалла аҳли уни оддий ва ихчам тарзда “Яссавий” масжиди деб атаб келади.
Масжидга ном танланиши ҳам ўзига хос тарихга эга. Илгари бу ҳудуд “Калинин посёлкаси” номи билан 22-маҳалла сифатида юритилган. 1989 йил баҳорида маҳалла аҳлининг умумий йиғилишида маҳаллага янги ном бериш масаласи кўтарилган. Йиғилишда турли таклифлар илгари сурилган. Ўша пайтда маҳалла раиси бўлган Муҳаммадамин Расулмуҳаммедов маҳаллага буюк мутасаввиф ва аллома Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари номини беришни таклиф қилган. Бу таклифни маҳалла аҳли якдиллик билан қўллаб-қувватлаган.
Орадан кўп ўтмай, 1992 йилда маҳалла аҳли ҳашар йўли билан янги масжид қуриш ташаббусини амалга оширди. Барча бирлашиб барпо этган ушбу масжидга туркий халқлар маънавиятида юксак ўрин тутадиган, Алишер Навоий таъбири билан айтганда, “Туркистон мулкининг шайхул-машойихи” бўлган Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг номи берилди.
Бугунги кунда масжид хонақоҳида бир вақтнинг ўзида минг нафарга яқин намозхон ибодат қила олади. Мўъжазгина ҳовлиси эса икки юз нафар кишини сиғдира олади. Жума намозлари вақтида намозхонлар ҳовли ташқарисигача саф тортиб, бир ярим мингга яқин киши жамоат бўлиб ибодат қилади. Ҳайит намозларида эса маҳалла аҳлидан икки ярим мингга яқин киши жам бўлади.
Масжидда ибодат қилувчилар учун барча шароитлар яратилган. Таҳоратхонаси бешта ички ва саккизта ташқи ўриндан иборат бўлиб, намозхонлар учун қулайликлар таъминланган.
“Аҳмад Яссавий” масжидида беш вақт намоз, жума ва ҳайит намозлари жамоат билан адо этилади. Шу билан бирга, Қуръони карим тиловати, диний-маърифий суҳбатлар, тарбиявий машғулотлар мунтазам ташкил этилмоқда. Айниқса, ёшларнинг соғлом диний билим олиши, уларни миллий ва маънавий қадриятлар руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масжид ходимлари маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда ижтимоий-маънавий тадбирлар, хайрия ишлари ҳамда аҳоли ўртасида бирдамлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни амалга ошириб келмоқда.
Робия ДАМИН қизи
“Ислом нури” газеатсининг 2026 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws