Минбарни ва чироқни таклиф этган саҳоба
Тамим Дорий “Дор” қабиласига мансуб Авс ибн Хорижа ибн Савод ибн Хузайманинг ўғли. “Абу Руқайя” деб – ягона фарзанди (қизи)нинг исми билан куняланган.
Ҳижратнинг тўққизинчи йили акаси Нуайм билан Набий алайҳиссалом ҳузурларига келиб, Исломни қабул қилишди. Тамим Дорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўн саккизта ҳадис ривоят қилган. Улардан иккитасини Имом Муслим ўзининг “Саҳиҳ”ида келтирган.
Расули акрам авваллари жума кунлари хурмо дарахти танасига суяниб хутба қилар эдилар. Бир куни: “Туриб сўзлаш менга қийин бўлмоқда”, дедилар. Тамим Дорий: “Нега Шомда кўрганимдек минбар ясаб олмайсиз?” деди. У зот саҳобалари билан маслаҳатлашгач, хурмо ёғочидан икки поғонали қилиб минбар ясаттирдилар.
Масжиди Набавийда биринчи бўлиб чироқ ёққан киши ҳам Тамим Дорийдир.
Бир кеча Умар розияллоҳу анҳунинг уйида ёнғин чиқди. Шунда Умар: “Эй Тамим, тур, сен бу ишга қодирсан!” деди. Тамим Дорий: “Мен ким бўлибманки, бирор ишга ярасам?” деди. Аммо Умар розияллоҳу анҳу сўзида туриб олди. Шунда Тамим Дорий туриб, ёнғинни бир жойга тўплай бошлади ва уни эшиккача ҳайдади. Кейин ўт тезда орқага чекинди ва ҳеч кимга зарар етказмади. Шунда Умар розияллоҳу анҳу икки марта: “Кўрадиган киши кўрмайдиган кишидек бўлмас”, деди.
Тамим Дорий розияллоҳу анҳу ташқи кўриниши ва либосига жуда эътиборли бўлганидан масжидга қимматбаҳо кийимларда чиқарди. Қадр кечаси учун алоҳида минг дирҳамли жубба сотиб олар эди. Шунингдек, у бир ракатда Қуръони каримни тўлиқ хатм қилар ҳамда баъзи оятлар устида чуқур тафаккурга берилиб, кўз ёшлар тўкар эди.
Абу Юсуф ва Абу Убайднинг қайд этишича, Набий алайҳиссалом Тамим Дорийга Шом ва Фаластиннинг баъзи ерларини ҳадя қилиб, қуйидагича васиқа ёзиб берганлар: “Бу Расулуллоҳнинг Тамим Дорийга берган хатидир. Унга Жайрун қишлоғи ва Айнун уйи берилди. Унинг ортидан келадиган авлодларига ҳам ҳеч ким буни деб тажовуз қилмасин ва уларга ҳеч қандай ёмонлик етказмасин. Ким бунга хилоф иш қилса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”.
Абу Убайд айтади: “Шом замини фатҳ этилганида Тамим Дорий мазкур васиқани олиб халифа Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келди. Ҳазрат Умар: “Мен бунга гувоҳман”, деди ва унга ўша жойларни берди.
Шу тариқа Тамим Дорий насронийликдан Исломга ўтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг машҳур саҳобаларидан бирига айланди, иймонда мустаҳкам, ибодату тақвода намуна бўлди. Унинг вафоти ҳақида аниқ маълумот келтирилмаган. Қуддус шаҳрида ҳижрий қирқинчи йили вафот этган.
Ўрол МУСТАНОВ,
Жарқўрғон туманидаги “Исломобод” жоме масжиди имом ноиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws