Балолар ёмон сўзларимизга боғланган
Аллоҳ таоло менга илҳом бериб, менга ато этган илмдан, қалбим саҳифасида ва хотирам дафтарида жамланган баъзи мулоҳазаларимни ўртоқлашишни хоҳладим. Аллоҳдан тавфиқ сўраб айтаманки, дунёни кездим, кўп воқеа-ҳодисаларни бошимдан ўтказдим, турли ишлар билан машғул бўлдим, улкан режаларга бош қўшдим. Дунё ишларининг аччиқ-чучугини татиб кўрдим. Китобларни титдим, уламоларнинг хизматида бўлдим, дунё талабида умримни зое қилдим.
Кўрган-кечирганларим ичида умр ва дунёдан кўра тезроқ ўтадиган нарса йўқ экан. Ўлим ва охиратдан кўра яқинроқ нарсани кўрмадим. Орзу-умиддан кўра узоқроқ ва шошмасликдан кўра чиройлироқ нарсани кўрмадим. Дунё ва охират яхшиликларининг қаноатда эканини кўрдим, дунё ва охират ёмонликларини тамада эканлигига иқрор бўлдим. Инсонлар орасида энг умри қисқаси “шояд”, “кошкийди” деб умрини ўтказган кишидир. Ахлоқлар ичида энг гўзал хислат – камтарлик ва энг хунуги – бахиллик экан.
Барча яхшиликларни ўзида жамлаган нарса гўзал хулқ эканини ва барча ёмонликларни ўзида жамлаган нарса ҳасадлигини билдим. Юздан ҳаёни кўтарадиган нарса тиланиш, абадий роҳатбахш ҳаёт иффатни асраш эканлигини англадим. Жидду жаҳд ва саъй-ҳаракат муваффақиятнинг асоси, танбаллик ва дангасалик бетавфиқликнинг сабаби экан. Бошга келадиган бало оғиздан чиқадиган гапга муаккал қилингани, хотиржамлик сукут сақлаш билан бўлишини билдим.
Дунёга ҳирс қўйган кимса борки, ундан маҳрум бўлади. Дунё талабида елиб-югурган одам борки, боши ташвишдан чиқмайди. Энг камёб нарса садоқатли дўст, энг кўп нарса ёмон ва мунофиқ биродарлар экан. Ҳақиқий ҳур ва озод инсон фақат Аллоҳ таолога қуллик қиладиган киши эканини кўрдим. Ҳақиқий хорлик ва зиллат махлуқларнинг хизматида эканини, ҳақиқий иззат ва шараф Холиқнинг хизматида эканини билдим. Энг яхши ҳисоб-китоб – инсон ўзини муҳосаба қилиши, энг оқил инсон охиратга юзланган, энг жоҳил инсон дунёга берилган кимса эканини кўрдим. Шайх Нажмиддин КУБРО раҳимаҳуллоҳ
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ таржимаси
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws