Набавий огоҳлантириш
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “…Шундай бир қавм келадики, улар гувоҳлик сўралмаган ҳолда гувоҳлик беришади, хиёнат қилишади, омонатдор бўлишмайди, назрига вафо қилишмайди, уларда семизлик пайдо бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Шориҳ уламолар ушбу ҳадисдаги “семизлик пайдо бўлади” иборасида айнан овқатга очкўзлик ва нафсни тиймаслик, нотўғри овқатланиш оқибатида орттирилган семизлик ҳақида гап кетаётганини таъкидлашади.
Саодат асри кишилари семизликни хаёлларига ҳам келтиришмаган. Аммо бугун у инсониятни ташвишга солаётган улкан муаммолардан бири. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти семиришни “глобал эпидемия” деб эълон қилган.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Ер сайёрасида 2,5 миллиарддан ортиқ одам (38 фоиз) ортиқча вазнга эга. Агар шу ҳолат давом этса, 2035 йилга бориб бу кўрсаткич 50 фоиздан ошиши, яъни инсониятнинг ярмидан кўпи семириб кетиши кутилмоқда. Ортиқча вазннинг хавфли томони шундаки, у турли саратон касалликларини келтириб чиқаради. Ҳар йили 2,8 миллион одам семизлик сабаб оламдан ўтиши ҳам бунинг исботи. Бу иллат ҳатто болалар ва ўсмирлар орасида ҳам оммалашаётгани янада хатарли. Шу боис киши соғлом овқатланишни йўлга қўйиб, нафсини тийиши, Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатлари асосида таомланишни одат қилиши, энг асосийси, жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиши ва купроқ пиёда юриши шарт.
Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.
“Ҳидоят” 2025 йилнинг 8-сонидан