Истиқлолнинг 35 йиллигига 35 та факт – 31. Оммавий ахборот воситаларида диний-маърифий мазмуннинг кенгайиши
Мустақиллик йилларида диний-маърифий мавзуларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш имкониятлари сезиларли даражада кенгайди. Телевидение ва радио орқали Қуръони карим, ҳадиси шариф, ислом тарихи, одоб-ахлоқ, оила ва миллий-диний қадриятларга бағишланган кўрсатув ҳамда эшиттиришлар тайёрлаш йўлга қўйилди. «Ҳидоят», «Мўминалар» журналлари ва «Ислом нури» газетаси каби нашрлар диний-маърифий ахборот тарқатишда муҳим ўрин эгаллади. Кейинги йилларда бу жараён интернет муҳитига ҳам кенг кўчиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, диний таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказларининг расмий веб-сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари фаоллашди. Натижада аҳоли диний масалалар бўйича уламолар ва малакали мутахассисларнинг тушунтиришларидан тезкор фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Бугун диний-маърифий тарғибот анъанавий матбуот, телевидение ва радиодан тортиб замонавий рақамли платформаларгача бўлган кенг ахборот майдонини қамраб олмоқда.