71 ёшли мисрлик аёл Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ёддан ўқиб чиқди
IQNA – Ҳожия Сана Абдул Саттор исмли 71 ёшли мисрлик кекса онахон Қуръони каримни бир кун давомида тўлиқ ёддан ўқиб чиқишга муваффақ бўлди.
Хабарларга кўра, Мисрнинг Мунуфия вилояти, Аш-Шуҳадо туманидаги Мит-Шаҳала қишлоғида яшовчи Ҳожия Сана Абдул Саттор матонат, қатъият ва Қуръон каримга бўлган чуқур муҳаббатнинг ёрқин намунасидир. У Қуръони Каримни бир ўтиришда — бомдод намозидан шом намозигача бўлган вақт давомида – тўлиқ ёддан ўқиб чиқди.
Бу ҳайратланарли ютуқ ортида ўнлаб йиллик меҳнат ва Қуръонга бўлган муҳаббат ётади. Сана ҳожия йигирма ёшларида Қуръони Каримга қаттиқ меҳр қўя бошлаган. Унинг Қуръонни ёдлаш йўлида «Қуръон радиоси» муҳим ўрин тутган.
Ҳожия Сана шундай дейди: «Бу Аллоҳ таолонинг менга берган инояти эди. Мен Қуръонни йигирма ёшимданоқ ёд олдим. “Қуръон радиоси”ни доимий тинглаш қалбимда бу илоҳий Китобга бўлган муҳаббатни ва уни ёдлашга бўлган қатъиятимни янада мустаҳкамлади».
У Қуръонни ёдлаш билан бир вақтда оилавий вазифаларини ҳам бажарди, фарзандларини тарбиялади. Ҳожия Сана уч ўғилнинг онаси: улар 50 ёшли Муҳаммад, 45 ёшли Маҳмуд ва 42 ёшли, фармацевт бўлиб ишлайдиган доктор Мустафодир.
Ҳожия Сананинг Қуръон йўлидаги энг таъсирли воқеалардан бири Қуръони каримни бир кунда хатм қилишда иштирок этганидир. У бомдод намозидан кейин Қуръонни ёддан ўқий бошлаб, шомгача давом эттирди ва шу тариқа Қуръони Каримни тўлиқ тиловат қилди.
Ҳожия Сана бу ҳақда: «Биз муносиб суръатда ўқидик ва бутўлиқ бир кунни олди», – дейди.
У ўзининг бу ютуғини шахсий қобилияти ёки зеҳни билан боғламайди. Аксинча, барчасини Аллоҳнинг ёрдами деб билади: «Бу менинг зеҳним ёки қобилиятим билан эмас, балки Аллоҳ таолонинг ёрдами билан бўлди».
2024 йилда Ҳожия Сана ҳаж ибодатини адо этиш шарафига ҳам муяссар бўлди. Бу воқеа Қуръонга бўлган муҳаббат, сабр ва Аллоҳга яқинлашиш истаги билан кечган узоқ ва баракали ҳаётидаги яна бир муҳим босқич бўлди.
Илёсхон Аҳмедов таржимаси.