Нақшбандия тариқатида зикр қоидалари
Хожагон Нақшбандия тариқатининг буюк пирлари бўлмиш ҳазрат Хожа Юсуф Ҳамадоний, ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳамда ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳум асос солган ва амалиётга жорий этган зикруллоҳга доир 11 та муҳим қоида бор.
Биринчиси, “Ҳуш дар дам”дир.
Маъноси: Ҳар дамда ҳушёр бўлмоқ, ғафлатда қолмасликдир. Солик (Ҳақ розилигини мақсад қилган зокир) ҳар нафасини Аллоҳ таоло ёди ила ҳузур ва ҳушёрлик ичида олибчиқариши, бутун вақтини тоатибодатда ўтказиши керак. Чунки зикр ила ўтказилган ҳар нафас мўминни Аллоҳга маънан боғлайди. Шундай нафаслар боис қалб тирик, файзли ва нурли бўлади. Ғафлат ила олинган ва чиқарилган, осийликка ва исёнга харжланган нафас қалбни файзсиз, нурсиз қилади, ҳатто ўлдиради.
Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳу бундай деган: “Бизнинг тарбия йўлимиз нафасларга боғлиқ, ҳар онни ҳушёр ўтказмоқ узра қурилган. Ҳушёр сўфий икки нафас орасини зикр ила ўтказади”.
Ҳақ таоло розилигини истаган киши тирикликнинг ҳар онини қадрлаши, ўтган вақтининг ғами ва келажакнинг андиша си билан яшаши, зинҳор вақтни зое этмаслиги керак. Энг тўғриси, тезтез истиғфор айтишдир.
Орифлар султони Боязид Бистомий раҳимаҳуллоҳ: “Аҳли тариқатнинг ибодати – бу олган ва чиқарган ҳар бир нафасидан огоҳ бўлишдир”, деган.
Мавлоно Саъдуддин Кошғарий “Ҳуш дар дам” қоидасини қуйидагича шарҳлаган: “Нафас олмоқ ва чиқармоқ ғафлат билан эмас, балки ҳузур ва огоҳлик юзасидан бўлиб, ҳар бир нафас Аллоҳ таоло зикри билан ўтсин”.
Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳ: “Нафасни асраш ғоят муҳим, агар нафас огоҳлик билан олинса, ҳузурбахш бўлур. Ўз нафасини асрай олмаган (яъни Аллоҳ зикридан бошқа ишларга нафасини сарфлаган) киши уни йўқотади. Нафасни беҳуда сарфлаган тариқатни қўлдан бой беради”, деган.
Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд раҳимаҳуллоҳ айтган: “Бу йўлда (яъни Нақшбандия тариқа тида) нафас ҳал этувчи омилдир. Яъни, нафас олганда хаёл на ўтмиш, на келажакка банд, балки хаёл ўтмиш ва келажак воқеалари дан озод бўлиши керак. Нафасни олиш ва уни чиқариш, шунингдек, икки нафас ўртаси ни ғоят эҳтиёт қилиш зарур. Зеро, нафас ғофиллик билан кириб чиқмасин”.
Рубоий:
Эй монда зи баҳри илм бар соҳили айн,
Дар баҳр фароғат асту бар соҳил шайн.
Бардор сафоий назар зи мавжи кавнайн,
Огоҳ ба саҳар бош байнан нафасайн.
Мазмуни: “Эй илм денгизига кирмай, унинг соҳилида қолган зот, фароғатни денгиздан топасан, соҳилда эса бахту саодат йўқ. Икки дунё жилвасига назар солмай, ҳар саҳар нафас олиш ва уни чиқариш орасида ҳушёр бўл”.
Хўш, нега айнан “Ҳуш дар дам” рашҳаси биринчи ўринга қўйилган?
Гап шундаки, “Ҳуш дар дам” машғулоти хаёлни жиловлаш, фикрни бир жойга жамлашга қаратилган. Хаёлни жиловлаш эса осон эмас. У гоҳ ўтмишга, гоҳ келажакка сўроқсиз сайр қилаверади. Хаёл кирмайдиган кўча, у кезмайдиган минтақа йўқ. Шу сабаб агар фикру хаёл жиловланиб, ёлғиз Аллоҳга қаратилмаса, солик кейинги рашҳаларга амал эта олмайди. Зеро, Абдулхолиқ Ғиждувоний рашҳалари фақат тил зикрига эмас, дил зикрига асосланади. Қўлга тасбеҳни олиб, шунчаки тилда “Аллоҳ” деган билан мурод ҳосил бўлмайди. Ҳар нафасда тилни ҳам, дилни ҳам, фикрни ҳам Аллоҳ зикри, Аллоҳ ёди эгаллаши лозим.
(Давоми бор.)
Салоҳиддин ГАДОЕВ,
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 10-сонидан
Бухоро шаҳар “Хўжа Исмат” жоме масжиди имом-хатиби
http://hidoyatuz.taplink.ws