2035 йилга бориб ислом дунёдаги энг йирик динга айланади
2035 йилга бориб дунёда мусулмонлар сони насронийлардан ошиб кетади ва ислом сайёрамиздаги энг йирик динга айланади. Associated Press хабарига кўра, Американинг Pew Research Center тадқиқот маркази ўзининг янги ҳисоботида шундай башорат берган. Унда 2020 йилдан 2070 йилгача бўлган даврда асосий диний гуруҳлар сони қандай ўзгариши баҳоланади.
Асосий сабаб — туғилиш кўрсаткичидир. 2020–2025 йилларда ҳар бир мусулмон аёлга ўртача 3,1 нафар, насроний аёлга 2,5 нафар, бошқа аёлларга эса 1,6 нафар бола тўғри келган. Авлодларнинг шунчаки ўрнини тўлдириши учун эса бу кўрсаткич камида 2,1 бўлиши зарур. Марказнинг етакчи демографи Конрад Хакетт «ҳамма гап болаларда» эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, динни ўзгартириш жараёни бунга анча кам таъсир кўрсатади.
2020 йилда дунёда 2,27 миллиард насроний ва 2,02 миллиард мусулмон яшаган. Pew ҳисоб-китобларига кўра, 2035 йилга бориб мусулмонлар сони 2,57 миллиардга, насронийлар эса 2,52 миллиардга етади. 2070 йилга бориб мусулмонлар сони 3,6 миллиарддан ошади, насронийлар эса 3 миллиарддан сал камроқни ташкил этади. Шу ярим аср ичида Ер юзи аҳолиси 29 фоизга, мусулмонлар сони 80 фоизга, насронийлар эса 30 фоизга кўпаяди.
Ҳозир насронийлар АҚШ аҳолисининг 62 фоизини ташкил этади. Башоратларга кўра, улар 2065 йилга бориб, Канадада эса 2030 йилга бориб кўпчиликни ташкил этмай қўяди. Ҳар икки мамлакатда ҳам бу, биринчи навбатда, ўзини ҳеч бир динга мансуб деб ҳисобламайдиган одамлар сонининг кўпайиши билан боғлиқ. Европада 2070 йилга бориб насронийлар сони учдан бирга камайиб, 505 миллиондан 324 миллионга тушади, мусулмонлар улуши эса 6 фоиздан 13 фоизга кўтарилади.
2015 йилда Pew тадқиқотчилари 2050 йилга бориб насронийлар ва мусулмонлар сони деярли тенглашишини, 2070 йилга бориб эса мусулмонлар насронийлардан ўзиб кетишини тахмин қилган эди. 2010 йилда дунёда насронийлар тахминан 2,2 миллиардни (аҳолининг 31 фоизи), мусулмонлар эса 1,6 миллиардни (23 фоизи) ташкил этган.